12май

Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида 12 май — Халқаро ҳамширалар кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтмоқда

Уни Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов қутлов сўзи билан очди.

Қайд этилганидек, кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган кенг кўламли трансформация жараёнида замонавий фикрлайдиган, кенг дунёқарашга эга ва маҳоратли ўрта тиббиёт ходимларининг янги авлодини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
 
Шу интилишлар туфайли бугунги ўзбек ҳамшираси юқори технологик амалиётлар, буйрак ва жигар кўчириб ўтказиш каби мураккаб операцияларда шифокорларнинг ўнг қўли, бемор ҳаёти учун елкама-елка кураша оладиган ишончли кўмакчисига айланиб улгурди.
 
Айниқса, мамлакатимизнинг 15 та туман ва шаҳарида ҳамда Самарқанд вилоятида амалиётга татбиқ этилаётган соғлиқни сақлаш тизимининг янги модели тиббиёт ходимлари, жумладан, ҳамширалар учун янги даврни бошлаб берди. Яъни ўрта тиббиёт ходимларининг маоши ва устамалари сезиларли даражада ошди. Ўз салоҳиятини юзага чиқаришлари учун янги имкониятлар эшиклари очилди.
Бу борадаги ислоҳотларни изчил давом эттирамиз, — деди вазир ўз табригида. — Шу мақсадда бир қатор янги лойиҳа ва дастурлар устида иш олиб борилмоқда. Бу билан тиббиётни энг халқчил тизимга айлантиришни мақсад қилганмиз. Бу эса, ўз навбатида, ҳамшираларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтиради.

Шундан сўнг Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Фарҳод Ханапияев сўзга чиқиб, фидойи ўрта тиббиёт ходимларини Халқаро ҳамширалар куни билан муборакбод этди.